«Мақсад — ёппасига руслаштириш». Москва миллий тилларда дарс соатларини қисқартирмоқда

Иллюстратив сурат.

1‑сентябрдан бошлаб Россия мактабларининг бошланғич синфларида она тили дарслари ҳафтасига икки соатдан бир соатга қисқартирилмоқда. Бу айниқса, рус тилли бўлмаган мактабларга жиддий таъсир кўрсатади: уларда дарс соатларини ҳафтасига 3 соатдан 2 соатга қисқартириш таклиф этилмоқда.

Ушбу қарор Татаристонда норозилик келтириб чиқарди — «Ягона Россия» партияси депутатларидан бири федерал марказнинг бу ташаббусини танқид қилди.

«АССИМИЛЯЦИЯ СИЁСАТИ»

17 июль куни Татаристон Давлат Кенгаши депутатлари Россия Таълим вазирлигига мактуб йўллаб, мактабларда она тили дарслари учун соатларни қисқартирмасликни сўрашди. Мурожаатга вазирликнинг 1 сентябрдан кучга кирадиган янги буйруғи сабаб бўлган: унга кўра, биринчи синфда “Она тили” ва “Она тилида адабий ўқиш” дарслари ҳафтасига икки эмас, балки бир соатдан ўқитилади; рус тилли бўлмаган мактабларда эса 3 соатдан 2 соатга қисқартирилади.

Шу билан бирга, мазкур буйруқ билан “Она тили” фани номи ҳам “Россия Федерацияси халқлари тили” деб ўзгартирилди.

Татаристон парламенти 28 ноябрь, 2024 йил

Россиянинг мустақил “Такие дела” нашри экспертларга таяниб ёзишича, 2016 йилдан 2023 йилгача рус тилидан бошқа тилларда ўқувчи россиялик мактаб ўқувчилари улуши икки бараварга камайган. 38 та тилда дарс бериш бутунлай тўхтатилган. Нашрда таъкидланишича, бундай ҳолатга бир қатор омиллар сабаб бўлган: она тилига қизиқишнинг пасайиши, дарс соатларининг қисқариши, ўқитувчилар етишмаслиги ҳамда санкциялар туфайли халқаро ҳамкорлик алоқаларининг узилиши.

Россиянинг ерли халқлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳаммуассиси Виктория Маладаеванинг фикрича, Россия Федерациясида она тилларни ўрганиш ва уларни қўллаб-қувватлашни чеклаш бўйича олиб борилаётган чоралар ягона мақсад — ассимиляция ва ёппасига руслаштириш мақсадида қилинмоқда.

— Тил — бу шахснинг ўзлиги, анъаналари ва маданиятининг бир қисми. Аввал Россия империясида, кейин Совет Иттифоқи, мана энди эса Россия федерациясида бу ўзлик мақсадли равишда йўқ қилинмоқда.Агар тил йўқ бўлса — халқ ҳам йўқ. Шунинг учун тил фаоллари ва фуқаролик жамияти вакиллари анча вақтдан бери хавотир билдириб келишади. Биз ҳозир шундай манзарага гувоҳ бўляпмизки, айрим ерли халқлар вакиллари “Биз русмиз, Худо биз билан” деган сохта шиорларни кўтариб юришибди. Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан олиб кетилган болалар эса русификация ва ўзликни йўқотишга дучор бўлмоқда — уларнинг она тили ва этник келиб чиқиши билан боғлиқ маданий ва тарихий алоқалари узиляпти, — дейди у.

Москва рус бўлмаган тилларда таълимни чекар экан, ерли халқлар вакиллари унинг бир томондан, Украинада рус тилли аҳоли ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида жар солиб, иккинчи томонда ерли халқлар вакилларига ўз она тилини ўрганишни чеклаётганида зиддият кўришадими? Бу саволга Виктория Маладаева мана бундай жавоб берди:

— Албатта, бу зиддият ҳаётда жуда яққол сезиляпти. Чунки бутун бошли авлодларнинг ўз она тилини йўқотиши — кўпчилик ерли халқлар учун жуда оғриқли масала. Қолаверса, маданият соҳасини чекловчи репрессив қонунлар қабул қилиниши билан бирга, ҳукумат “рус дунёси” ғоясини фаол илгари сурмоқда. Президент грантларида очиқ-ойдин ёзиб қўйилган: кўп миллатли мамлакатни битта миллат ва битта тил остида бирлаштириш керак. Яъни, бу — давлат даражасидаги ассимиляция сиёсати. Бу сиёсат бугун бошланмаган. Путин собиқ империянинг мустамлакачилик сиёсати асосида ерли халқларнинг тил ва маданиятини йўқ қилишни тизимли равишда давом эттирмоқда, — дея хулоса қилди Маладаева.

Миллий тилларнинг сиқиб чиқарилиши илк бор кузатилаётган жараён эмас: 2007 йил 1 декабрда қабул қилинган 309-ФЗ-сонли федерал қонунга кўра, таълимнинг давлат стандартидан миллий компонент олиб ташланган. Бундан ташқари, 2008 йил 28 ноябрда Россия таълим вазирлиги №362-сонли буйруқ билан умумий давлат аттестацияси (Ягона давлат имтиҳони — ЕГЭ) ни рус тилидан бошқа она тилларда топширишни тақиқлади.

2018 йил ёзда Россия Давлат Думаси она тилларни ўрганишни ихтиёрий қилиб белгилади. “Таълим тўғрисида”ги федерал қонунга тегишли ўзгартиришлар қабул қилинди. Бу ўзгаришлар республика аҳолисининг норозилигига сабаб бўлди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Путиннинг “тил фронти” - Ўзбекистон Рус тили ташкилотига нега қўшилди?

2019 йил 10 сентябрда 79 ёшли олим Альберт Разин Удмуртия Давлат Кенгаши биноси олдида ўзини ёқиб юборди. Унинг ёнидан удмурт этносини сақлаб қолиш талаб қилинган ёзувлар топилди. У шундай ёзган эди:

«Агар эртага менинг тилим йўқолса, мен бугун ўлишга тайёрман.»

Разин фалсафа фанлари номзоди, доцент, Удмуртиянинг хизмат кўрсатган фан арбоби ва “Удмурт кенеш” миллий ҳаракати ҳамда “Тодосчи” олимлар клубининг фаол иштирокчиси бўлган.

Москва томонидан кўрилаётган чоралар фақат Россия ичида эмас, балки халқаро майдонда ҳам танқид қилинган. 2019 йил январь ойида Европадаги Миллий озчиликларни ҳимоя қилиш бўйича конвенция Кенгашининг маслаҳат қўмитаси Россияни миллий тиллар сиёсати учун танқид қилган. Экспертлар “рус тилининг ортиб бораётган устунлиги” ва “миллий озчилик тилларини қўллаб-қувватлашда самарали механизмлар йўқлиги”дан хавотир билдирганлар.

Ўша йили ЕХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича Олий комиссари Ламберто Заньер Idel.Реалии’га (Озодлик Татар-Бошқирд хизмати медиа лойиҳаси ) берган интервьюсида шундай деган:

“Мавжуд маълумотларга кўра, ҳатто Татаристоннинг ўзида ҳам татарлар ўз тилини чуқур ўрганиш имкониятига эга эмас. Ҳолбуки, татар тили — республикадаги расмий тил ҳисобланади.”

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Меҳнат муҳожирларининг рус тилига расмий мақом берилишига муносабати қандай?

Заньерни ҳайратга солган ҳолатлардан бири , республикада ҳатто мактабни татар тилида битирган болалар ҳам давлат имтиҳонини фақат рус тилида топшириши мумкин. Татар тилида имтиҳон топшириш тақиқланган.

2021 йилги Бутунроссия аҳолиси рўйхатидан маълум бўлишича, Россиядаги татарлар сони 4 миллион 713 минг кишини ташкил этган. 2010 йилдаги рўйхат билан солиштирилганда, улар сони 11 йилда 597 минг нафарга — яъни 11,2 фоизга — камайган.

Бироқ шуни инобатга олиш керакки, сўнгги рўйхатда 2014 йилда аннексия қилинган Қрим ва Севастополь ҳам иштирок этган. Бу ҳудудларда 2021 йилда ўзини татар деб кўрсатганлар сони 30 952 нафарни ташкил этган. Уларни ҳисобдан чиқарганда, умумий камайиш 628 минг кишини ёки 11,8 фоизни ташкил этади.

Мавзуга алоқадор Мигрантлар болаларига тест: Россия ОТМларига кириш қийинлашади

РОССИЯДА АҲОЛИНИНГ ЭТНИК ТАРКИБИ

2010–2021 йиллар орасида Россиядаги руслар улуши деярли 5 фоизга пасайган — мутлақ кўрсаткичда бу тахминан 5,5 миллион кишига тенг. Шу билан бирга, Кавказ халқлари сони жадал ўсган:

  • чеченлар сони 17% га кўпайган,
  • аварлар — 11%,
  • қумуқлар — 12,5% дан камроқ,
  • даргинлар — 6,3%.

Россияда аҳоли сони бўйича энг йирик 20 миллатнинг ярмини ҳозирда Кавказ халқлари ташкил қилмоқда.